Тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда етакчи аёллар ролини ошириш – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021-йил 29-июн куни “Можароларнинг олдини олиш ва тинчликни мустаҳкамлашда аёллар иштироки ва етакчилигини оширишда глобал ва минтақавий платформалар ва уюшмаларнинг роли” мавзусида онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти фаолияти доирасида ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиёдаги превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази давра суҳбати ташкилотчилари бўлдилар.

Тадбирда Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти аъзолари – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева, Туркманистон Милли Генгеши Меджлисининг Раиси Гулшат Маммедова, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Раиси ўринбосари Балаим Кесебаева, Қирғизистон Республикаси Жўғорку Кенеши Торағаси ўринбосари Aида Касималиева, Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси Раиси биринчи ўринбосари Нигора Ғаффорзода, шунингдек, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Н. Герман, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ минтақавий бюроси раҳбари М. Сполярич-Эггер, Ирландия ва Мексиканинг БМТдаги доимий вакиллари, “БМТ-Aёллар” тузилмаси экспертлари, Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш котибияти, Aёл-медиаторлар глобал альянси котибияти раҳбарлари, Марказий Осиё давлатлари парламентлари ва фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбати глобал ва минтақавий платформалар ва етакчи аёллар уюшмаларининг ролини ўрганиш, низоларнинг олдини олиш ва тинчликни мустаҳкамлашда аёлларнинг иштироки ва етакчилигини кенгайтириш бўйича халқаро тажрибани ўрганишга бағишланди. Ушбу тадбир БМТнинг “Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик глобал кун тартиби” доирасида Инсонпарварлик ҳаракатлари тўғрисидаги битим ва Тинчлик жараёни аёл-медиаторларининг минтақавий тармоқлари глобал альянси каби халқаро ташаббус ва коалицияларга аъзо бўлиш ва иштирок этиш истиқболларини муҳокама қилиш учун имконият яратди.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюцияси қабул қилинганига йигирма йилдан ошди. Халқаро ҳамжамият аёлларнинг тинчлик ва хавфсизлик соҳасидаги иштироки ва таъсири инклюзив жамият қуриш, можароларнинг олдини олиш ва ҳал қилиш, тинчликни сақлашда жуда муҳим аҳамиятга эга эканини тан олди. Хотин-қизларнинг иштирокига асосланган “Тинчлик ва хавфсизлик глобал кун тартиби” дунё бўйлаб уларнинг аҳволи сезиларли даражада яхшиланиши учун туртки бўлиб хизмат қилади.

Халқаро ва минтақавий аёллар платформалари ва уюшмаларининг тажрибаси Марказий Осиё етакчи аёллари Мулоқоти фаолиятини такомиллаштириш йўлидаги муҳим омил бўлиб, хусусан, минтақадаги низоларнинг олдини олиш ва тинчликни мустаҳкамлаш ишларида аёлларнинг иштирокини тарғиб қилишда Мулоқотнинг ролини оширади.

Тадбир давомида Қўшма баёнот қабул қилиниб, унда Мулоқот фаолиятининг устувор йўналишларидан бири, яъни, Марказий Осиё бўйлаб аёлларнинг бунёдкорлик ва тинчликпарварлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш, минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш муҳим экани таъкидланди. Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотининг “Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик глобал кун тартиби”, 2030-йилга қадар Барқарор ривожланиш кун тартиби, Глобал мақсадларга эришиш учун ҳаракатлар ўн йиллиги ва БМТ шафелигида ишлаб чиқилган бошқа меъёрий ҳужжатларга содиқлиги таъкидланди.

Давра суҳбати иштирокчилари тажриба алмашиш мақсадида Мулоқотнинг бошқа минтақавий ва глобал WPS платформалари ва коалициялари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишига қизиқиш билдирдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

O’zbekcha | На русском

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan