Эмланиш – фақат бир одамни эмас, жамиятни қутқариб қолади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Инсон жамиятдан айро яшай олмайди. Юрт бошига ташвиш тушса, бунинг менга алоқаси йўқ, мен ўзимни-ўзим ҳимоя қиламан, дейиш бу калтабинликдир. Чунки ҳар бир инсон жамият аъзоси ва шу жамиятда рўй бераётган ҳар бир жараёнга алоқадордир. Ҳам депутат, ҳам врачлигим нуқтаи назаридан шуни айтмоқчиманки, “Сovid-19”га қарши эмланиш давлатимизнинг ўз фуқароларига берган катта имтиёзи ва саховатидир. Давлат хазинасидан катта-катта маблағ сарфланиб, дунё экспертлари синовидан ўтган ва тан олинган вакцина олиб келинди ва фуқароларимиз бу вакцина орқали эмланмоқда.

Тан олиш керак, эмланиш даражаси пастлигича қолаяпти. Бунга эса баъзи тиббиётдан йироқ ва калта ўйлайдиган, юрт тақдирига ўзини дахлдор санамайдиган одамларнинг баъзи ножўя фикрлари ҳам сабаб бўлмоқда. Бунинг оқибатида ўзингиз кўриб турибсиз, юртимизда коронавирус касаллиги янада ортиб, мамлакатимиз иқтисодиётига, ижтимоий ҳаётига салбий таъсир ўтказмоқда.

Азиз ҳамюртлар! Бу балони даф қилиш, юртимиздан буткул чиқариб юбориш ўзимизнинг қўлимизда. Бунда ҳар бир инсон жамиятнинг фаол аъзоси эканини унутмаслигимиз лозим. Савдо-сотиқ бўладими, транспортдами ёки ўқув муассасасидами, қаерда бўлишдан қатъий назар карантин талабларига қатъий амал қилиш жуда муҳимдир. Элни, юртни, фарзандлар келажагини ўйлаган одам фақат ўзини эмас, бутун жамиятни, Ўзбекистонни қутқариб қолиш ҳақида қайғуриши шарт.

“Сovid-19”ни қандай қилиб енгиш мумкин, деган саволга баралла айтмоқчиманки, уни фақат ҳамжиҳатлик, давлатимиз томонидан бу соҳада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган ҳолда енгиш мумкин. Бепарволикни ташлайлик. Ҳар қадамда бизни коронавирус тақиб қилаётганини, шу ерда, шундоққина ёнгинамизда турганини теран ақлимиз билан англаган ҳолда унга қарши қатъий курашайлик.

Азизлар, биз коронавирусни енгамиз. Аммо қачон енгамиз, унга қанча вақт кераклигини ҳозир ҳеч ким айта олмаяпти. Фақат бир нарса аёнки, ҳар биримиз ўзимизни асрасак, фарзандларимизни асрасак, юртни, жонажон Ўзбекистонни асраган бўламиз. Соғлиғингизга бефарқ бўлманг!

Мавлуда Ибрагимова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan