Ўзбекистон ёшлар сиёсатида дунёга намуна бўлмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ҳар қандай мамлакатнинг келажаги ёш авлоднинг комил тарбияси ва изчил тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ. Барча ривожланган давлат ва жамиятларда ёшлар сиёсати давлат тараққиётининг давомийлигини таъминловчи асосий куч бўлиб хизмат қилган. Шу боис, Ўзбекистонда ҳам ёшларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратиш борасида кенг кўламли ишларни амалга ошириш устувор вазифа саналади.

Жумладан, сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшлар сиёсати масаласида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ҳаётий ташаббусларнинг ҳар бири дунё ҳамжамияти нигоҳи Ўзбекистонга қаратилишига сабаб бўлмоқда. Ўтган йиллар давомида ёшлар масаласида дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибасига таянган Ўзбекистон бугун ёшлар сиёсати масаласида ўз йўли ва ташаббуслари орқали айрим ривожланаётган ва ривожланган давлатларга намуна бўлмоқда.

Хабарингиз бор, яқинда таниқли сиёсатчи, Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг мамлакатимиздаги расмий ташрифи давомида дунё аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этса-да, бутун дунё бўйича ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизга етмаслиги, мамлакатимизда эса бу кўрсаткич 6 фоиздан ошганини алоҳида эътироф этган эди. Дарҳақиқат, мамлакатимизда ёшлар сиёсатини амалга оширишда Парламентлараро иттифоқ кўмагида ишларимиз янада жадал олиб борилиши натижасида ёшларимизни дунё ҳамжамиятига олиб чиқишда катта ислоҳотларга йўл очилгани барчамизни қувонтиради.

Хусусан, жорий йилнинг ҳам мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилингани, бу йўналишда кенг қамровли Давлат дастури қабул қилиниб, барча саъй-ҳаракатлар ёш авлод камолига қаратилаётгани ҳам фикримиз далилидир. Бу борада Ўзбекистон томонидан қатор халқаро ташаббусларнинг илгари сурилаётгани ва уларнинг ҳаётга жорий этилаётгани эса, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамламоқда. Жумладан, 2020 йил 12-13 август – Халқаро ёшлар куни муносабати билан Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида ташкил этилган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми фикримиз тасдиғидир.

Мана беш йилдирки 30 июнь санаси мамлакатимиз ёшлари томонидан ёшлар куни сифатида кўтаринки руҳ ва кайфиятда нишонлаб келинмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йил 30 июнь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилиб, унинг асосий мақсади ёшларнинг барча ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишига кўмаклашиш эканлиги белгилаб берилди. Худди шу куни Президентимиз таклифи билан 30 июнь ёшлар куни деб эълон қилинди.

Куни кеча Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда давлатимиз раҳбари иштирок этиб, ёшлар ва улар орқали Ўзбекистон ёшларини байрам билан табриклади. Тадбир доирасида Президентимиз ёшларнинг илм-фан, технологиялар, адабиёт, санъат каби соҳаларда эришаётган натижаларини акс эттирувчи кўргазма ва намойишлар билан танишиб, ёшларнинг ихтиролари, маҳорати, бадиий чиқишларини кўздан кечиргани, улар билан суҳбатлашиб, ўқиш ва изланишларига муваффақиятлар тилагани ёшларимизга келгуси фаолиятлари учун улкан қанот бағишлади.

Учрашувда давлатимиз раҳбари бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбияси, ҳуқуқ ва манфаатларига устувор аҳамият қаратилиб, алоҳида давлат ташкилоти – Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилгани, бундан ташқари, Ёшлар иттифоқи, унинг ҳузурида ўттиздан ортиқ нодавлат ташкилотлар фаолият юритаётгани, барча шаҳар ва туманларда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури, турли соҳаларни қамраб олган “Беш ташаббус” лойиҳалари амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Бугун ёшларга оид сиёсат иккита энг муҳим йўналишда амалга оширилмоқда. Биринчи йўналиш ёшларга замонавий билим бериш бўлса, иккинчи йўналиш ёшлар бандлигини таъминлашдир. Хусусан, ёшларнинг билим ва иқтидорини ривожлантириш мақсадида янгича шакл ва мазмундаги Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар тизими яратилди. Умуман, барча мактабларга эътибор, ўқитувчиларга рағбат ва ҳурмат ошди. Ёш авлодда билимга интилиш кучайди.

Ўтган бир йилда билимли ва зукко ёшларимиз халқаро фан олимпиадаларида 4 та олтин, 18 та кумуш ва 29 та бронза медалларини қўлга киритди. Жорий йилда Президент мактабларини тамомлаган 96 нафар ўқувчиларнинг барчаси муддатидан аввал нуфузли хориж олийгоҳларга грант асосида ўқишга кирди.

Ўсиб келаётган билимга чанқоқ ёшларнинг талабига мос равишда олий таълим муассасалари сони 127 тага етказилди, 26 та хориж университетларнинг филиаллари очилди. Охирги 5 йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, жорий йилда 182 мингтага етказилди. Бу – умумий қамровнинг 28 фоизи демакдир. 4 йил илгари бу кўрсаткич атиги 9 фоиз эди. Давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўпайтирилгани, эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 минг нафар қизларга олий ўқув юртларига кириш учун алоҳида грантлар ажратилгани минглаб оилаларга қувонч олиб кирди.

Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонда илк бор ишсиз ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган мутлақо янги тизим – “Ёшлар дафтари”нинг жорий этилиши ўз вақтида кўрилган муҳим чора бўлди. Бу тизим асосида ўтган қисқа давр ичида республикамиздаги 8 714 та маҳаллада яшаётган 18-30 ёшдаги 6 484 806 нафар йигит-қизнинг 5 451 442 нафари, ёки 84 фоизи билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилиб уларнинг орзу-истаклари ва муаммолари тингланди. Суҳбатлар асосида 682 787 нафар ижтимоий ҳимояга, иқтисодий ва психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож, ишсиз шахслар “Ёшлар дафтари”га киритилди.

Ҳудудий ва маҳаллий ҳокимликлар қошида “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларнинг муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш учун “Ёшлар жамғармалари” ташкил этилиб, 113,5 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Айни вақтга қадар ушбу маблағнинг 4,6 млрд. сўми ёшлар манфаатлари учун йўналтирилди.

“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида эса, 8 635 та бизнес лойиҳага жами 1 трлн. 830 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиб, 42 421 та янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, Давлат дастури доирасида ёшларнинг 31,4 млрд. сўмлик 63 та лойиҳасига Жамғарма кафиллиги тақдим этилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлашига яқиндан кўмаклашилди.

Ҳудудларда 19 та “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-маркази ҳамда 212 та “Yoshlar mehnat guzari” комплекси фойдаланишга топширилиб, уларда 2 380 та янги иш ўринлари яратилди. Натижада сўнгги уч йил ичида 841 147 нафар ёшлар ўз иш жойига эга бўлди.

Қувонарли томони Президентимиз ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда бу каби ёшларнинг ҳар бир қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуслар изчилик билан давом эттирилишини яна бир бор таъкилади. Хусусан, вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ҳар йили ҳоким, вазир, идора ва банк раҳбарлигига камида 2 нафардан ёш номзодлар захирасини тасдиқлайди. Жорий йилдан бошлаб, бундай иқтидорли ёшлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет элларда стажировка ўтайди. Шунингдек, республикамизда ишлаётган, халқаро нуфузли рейтингларда мингталикка кирган олийгоҳни тугатган ва чет элда илмий иш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўланади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб барча учун таълим кредити имтиёзли шартларда 7 йил муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасида, яъни, жорий йилда 14 фоиз ставкада ажратилади. Бунга қўшимча равишда, таълим кредитларини қоплаш учун йўналтирилган маблағлар даромад солиғидан ҳам озод қилинади. Бундан ташқари, “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандларига, олийгоҳдаги ўқишнинг биринчи йили учун контрактни бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилади.

Мактабларда ўқувчиларни компьютердан шунчаки фойдаланувчи эмас, балки ундан даромад топадиган мутахассислар бўлиб тарбияланиш тизими йўлга қўйилади. Ушбу мақсад учун жорий йил якунига қадар умумтаълим мактаблари юқори тезликдаги Интернетга уланади. Республикамиз бўйича қўшимча 5 мингта компьютер синфлари ташкил этилади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда ёшларнинг таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук ва комил шахслар бўлиб вояга етиб, келажакда юртимиз довруғини дунёга танитишлари учун бугун барча даражадаги замонавий шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

 

 

Зуҳра ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари,
“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan