2 июль “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган кун – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Бундан 29 йил муқаддам яъни 1992 йилнинг 2 июлида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби қабул қилинган кун. Республикамизнинг Давлат гербида тоғлар, дарёлар ва сўл томонида буғдой бошоқларидан, ўнг томонида эса чаноқларида оппоқ олтинлардек очилган оқ олтинимизнинг ғўза шохларидан иборат бўлган чамбарга ўралган, мамлакатимизнинг гуркираган воҳа ва водийлари узра қуёшнинг заррин нурлари сочилиб турган тасвирлар жамланган. Гербнинг юқори қисмида Республикамиз ҳурлигининг рамзи сифатини берувчи, саккиз бурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуздан иборат осмонимизнинг мовийлиги ифодаланган. Гербнинг марказий қисмида бахт ва эркинлигимиз рамзи бўлган қанотларини кенг ёзган тинчликсевар Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида эса Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифодалаб турувчи чамбар лентасининг бандида «Ўзбекистон» ёзуви жилоланиб туради.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида: Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангида; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «Ўзбекистон» ёзуви — олтин рангида; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водийлари — яшил рангда; чаноқлардаги пахтаси — оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккиз бурчаги — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар — оқ рангда тасвирланган.

Давлат герби Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи барча фуқароларимиз давлатимиз гербини ҳурмат қилишлари шартлиги алоҳида белгилаб қўйилган.

 

М.Мирзарахматов
 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходими

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan