Устувор вазифалар ижроси белгилаб олинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Янги Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг ўзига хос жиҳатлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов, Спикер ўринбосари О.Тожиев, депутатлар, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгиланган йўналишлардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Ёшлар парламенти олдида турган устувор вазифалар муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, ёшлар ҳар бир давлатнинг келажагини, салоҳиятини белгиловчи муҳим қатлам ҳисобланади. Шу боис, тараққиётнинг янги босқичида мамлакатимизда ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши учун уларга барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Уларнинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш, илғор ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг бизнес лойиҳаларини амалга ошириш натижасида уларнинг турмуш тарзини яхшиланмоқда.

Қайд этилганидек, Ёшлар парламенти аъзоларининг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий билим ва кўникмаларини янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бугунги билимга чанқоқ, ўз мақсадини аниқ белгилаган, интилувчан ёшларимиз келажакда ҳақиқий етук кадрлар бўлиб етиши учун келгусидаги режалар ва мақсадларни ҳозирдан аниқ белгилаб олишга алоҳида эътибор қаратиши лозим.

Давра суҳбатида Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида иштирок этган Ёшлар парламенти аъзолари ўзларининг таассуротлари ва фикр-мулоҳазалари билдириб ўтдилар. Шунингдек, ҳудудий студиялардан онлайн иштирок этган Ёшлар парламенти аъзолари ҳам кун тартибидаги масалалар юзасидан ўзларининг таклифларини бердилар.

Тадбир якунида Президент белгилаб берган вазифалардан келиб чиқиб, истиқболда амалга ошириладиган ишлар бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқилишга келишиб олинди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan