Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг нормалари ижроси Навоий вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган қўмита йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг илмий ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолатни яхшилаш, атмосфера ҳавосини ифлосланишини олдини олиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил этиш, Озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш, шунингдек соҳани халқаро ҳужжатлар талаблари даражасига етказишнинг мукаммал ташкилий-хуқуқий асослари ишлаб чиқилди.
Хусусан, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун, 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, Озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича миллий дастур атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишни таъминловчи хуқуқий асослар бўлиб хизмат қилмоқда.
Йиғилишда қайд этилганидек, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 79-мақсадида атроф муҳитга таъсир хавфи юқори даража (I тоифа)даги объектларнинг ифлослантирувчи манбаларидан автоматик равишда намуналар олиш тизимини татбиқ этиш, атроф муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш, атроф муҳитни кузатиш, унинг ифлосланиш даражасини прогноз қилиш, давлат экологик назоратини доимий ахборот билан таъминлаш, ифлослантирувчи манбаларнинг ҳолати ва атроф муҳитга таъсири устидан мониторингни амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланган.
Таҳлилларга кўра, металлургия, энергетика корхоналари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, нефть-газ ва кончилик саноати корхоналари ҳамда автотранспортлар мамлакатда атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи асосий манбалар эканлиги маълум бўлмоқда.
Навоий вилоятида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбалар ҳолати бўйича ўтказилган ўрганишлар мобайнида 2019 йилда 43,6 минг тонна, 2020 йилда 48,4 минг тонна, 2021 йил 69,0 минг тонна чанг ва зарарли газлар атмосфера ҳавосига ташланганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, вилоятда барча тоифаларга мансуб 823 та назоратдаги корхона мавжуд. Шундан 811 та корхонада “Рухсат этилган чегаравий ташламалар” меъёрий лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлса, 12 та корхонада ушбу ҳужжатнинг муддати ўтган. Назоратга олинган 823 та корхонада 2 619 та ифлослантирувчи манбалар рўйхатга олинган. Шундан 816 таси ташкиллаштирилган. Саноат корхоналардан атмосфера ҳавосига ташланадиган ташламаларни ушлаб қолиш ва зарарсизлантириш учун 521 та чанг газ тозалаш ускунаси ўрнатилган.
Бундан ташқари, 2022 йилда 14 та ишлаб чиқариш корхона томонидан экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган умумий қиймати 16,2 млрд. сўм бўлган дастурлар амалга оширилди. Натижада, 2,5 минг тонна зарарли моддаларнинг атмосфера ҳавосига ташланишининг олди олинди.
Йиғилишда депутатлар томонидан соҳада давлат назоратини самарадорлигини янада ошириш, атмосферага зарарли моддалар чиқаришни камайтириш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар берилди.
Тадбир якунида соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишга оид қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.