МИЛЛИЙ ПАРЛАМЕНТИМИЗНИНГ ТАРАҚҚИЁТ БОСҚИЧЛАРИ – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

МИЛЛИЙ ПАРЛАМЕНТИМИЗНИНГ ТАРАҚҚИЁТ БОСҚИЧЛАРИ

 

Ўзбекистон Республикасининг 30 йиллик ривожланиш тарихида миллий парламентимизнинг аҳамияти беқиёсдир. Ўзбекистон Республикаси миллий парламенти мустақил Ўзбекистонда демократик давлат ва жамият тузумининг шаклланиш жараёнини ҳуқуқий ва қонунчилик жиҳатидан таъминлайдиган олий давлат органи ҳисобланади. Қолаверса, миллий парламентимиз мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ, бир вақтнинг ўзида, олий вакиллик органи сифатида Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг хоҳиш-истаклари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини давлат сиёсатининг энг юқори даражасида акс эттирилишини таъминлаб келди.

Миллий парламентимизнинг тараққиёт босқичларига назар ташлайдиган бўлсак уни уч босқичга бўлишимиз мумкин. Биринчи босқичда 1991-1994 йиллар оралиғида миллий парламентимиз бир палатали Олий Кенгаш сифатида, иккинчи босқичда 1995-2004 йиллар оралиғида бир палатали Олий Мажлис сифатида ва учинчи босқичда 2005 йилдан бугунги кунга қадар
икки палатали Олий Мажлис фаолият юритиб келган. Бу ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоиловнинг “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган мақоласида айтиб ўтилган. Хусусан, мақолада миллий парламентимиз ривожланишининг илк босқичлари ҳақида Олий Кенгаш ўрнига бир палатали парламент – Олий Мажлиснинг шаклланиши қонун ижодкорлиги депутатлар ишининг бош йўналишига айланишига олиб келганлиги айтиб ўтилган. Ҳақиқатдан ҳам, Олий Кенгаш ўрнига ҳақиқий демократик тамойиллар асосида фаолият юрутувчи профессионал парламент – Олий Мажлиснинг ташкил этилиши мустақил Ўзбекистонда қонун ижодкорлиги жараёнини янада юқори даражага олиб чиқиш учун хизмат қилди. Қолаверса, мақолада Янги Ўзбекистон Олий Мажлиси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича олиб борилган демократик ислоҳотларга ҳам тўхталиб ўтиб, бугунги кунда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти ­ устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича парламентга зарур ваколатлар берилганлиги ўз самарасини бераётганлигига алоҳида тўхталиб ўтилган. Айтиб ўтиш жоизки, Янги Ўзбекистон миллий парламенти ўз фаолиятида парламентаризмнинг замонавий ва умумэътироф этилган талабларига тўлиқ жавоб бериб келмоқда.

Хулоса ўрнида таъкидлаш мумкин-ки, Ўзбекистон парламентаризмни ривожлантириш бўйича ўз тарихи ва тажрибасига эга мамлакат ҳисобланади ҳамда бугунги кунда Янги Ўзбекистонда миллий парламентнинг давлат
ва жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

 

Амирбек Кенжаев
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари
ва парламент тадқиқотлари институти
бош илмий ходими

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan