МИЛЛИЙ ПАРЛАМЕНТ ФАОЛИЯТИНИНГ ТАРАҚҚИЁТ БОСҚИЧЛАРИ – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

МИЛЛИЙ ПАРЛАМЕНТ ФАОЛИЯТИНИНГ ТАРАҚҚИЁТ БОСҚИЧЛАРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоиловнинг “Миллий парламентаризмнинг тараққиёт одимлари” номли мақоласи Ўзбекистонда давлат бошқарув тизимида парламентнинг тарихий ўрни ва аҳамиятини кўрсатиб берувчи муҳим манба десак, муболаға бўлмайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мақолада Ўзбекистонда парламентаризм принципларининг шаклланиши тарихи ва амалиёти атрофлича ёритиб берилган бўлиб, Ўзбекистонда ҳуқуқий давлатчиликнинг қарор топиши билан боғлиқ бўлган жараёнларнинг ўзаро боғлиқлиги келтириб ўтилган.

Шу нуқтаи назардан мақолада Ўзбекистонда парламент институтининг шаклланиши ва ривожланиши муносабатлари ҳамда унинг демократик ислоҳотларни янада мустаҳкамлашдаги ўрни ва ролини оширишни таъминлаш, унинг аҳамиятини, ўрнини англаш масаласи ҳамда келгусида уни ривожлантириш истиқболларини белгилаб бериш масалалари атрофлича баён этилганлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Шунингдек, Ўзбекистонда қонун чиқарувчи олий вакиллик органи шаклланишининг ўзига хос жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтиб, бу жараён миллий-тарихий ўзига хослик сифатида умумжаҳон тамойилларининг ўзаро муносабатлари маҳсули эканлиги таъкидлаб ўтилган.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Ўзбекистонда парламент институтининг барча хуқуқий асослари шаклланмоқда. Хусусан, “парламент назорати” ҳам Олий Мажлис фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлди. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари
ва комиссиялари қонунлар, конвенциялар, миллий дастурлар ижросини назорат қилиш тартибида кўплаб масалаларни кўриб чиқаётганликлари мамлакатимиз ҳаётида парламентаризмнинг ўзига хос миллий намунаси мустаҳкамланиб бораётганлигидан далолат бериши атрофлича таърифлаб ўтилган.

Шунингдек, мақолада Ўзбекистонда икки палатали парламентга (профессионал парламент) ўтиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш асосида амалга оширилган конституцион ислоҳотлар, шунингдек асосий конституциявий қонунлар қабул қилиниши билан боғлиқ ўзгаришлар хақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Барчамизга маълумки, икки палатали парламент ташкил этилгач, Ўзбекистон Республикасида қонун чиқарувчи ҳокимият ўз тараққиётида янги поғонага кўтарилди. Қонунчилик муносабатлари анча мураккаблашган
бўлса-да, қабул қилинган қонунларнинг сифати сезиларли даражада ошди. Қонунларни қабул қилишда сиёсий партияларнинг иштироки кучайди ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилишда уларнинг фикрларини албатта эшитиш амалиёти шаклланди.

Хулоса қилиб шуни айтиб ўтиш мумкинки, сўнги беш йилда парламент томонидан олиб борилган изчил саъй-ҳаракатлар натижасида жамиятимиз тараққиётини янада юқори босқичга кўтаришга ҳамда парламент билан халқ ўртасида узвий, сиёсий ва ҳуқуқий мулоқотнинг ривожланишига эришилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan