Ўтган ҳафтанинг энг асосий воқеаси – бу албатта, давлатимиз раҳбарининг 10-11 июнь кунлари Тожикистонга амалга оширган расмий ташрифидир.
Президентларнинг асосий музокаралари Душанбе шаҳридаги “Қасри Миллат” қароргоҳида бўлиб ўтди.
– Музокараларнинг очиқ ва амалий ўтганини шундан ҳам билса бўладики, уларнинг якунлари бўйича 35 та ҳужжат имзоланди. Ўзбекистон – Тожикистон инвестиция компаниясини ташкил этиш, янги технологиялар ва тоғ-кон саноати бўйича ҳамкорлик, Зарафшон дарёсида ГЭС қуриш, юклар транзити тўғрисидаги келишувлар улар орасида энг муҳимларидир, – деди Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов бугунги брифингда.
Маълумки, ташриф арафасида ўтган ишбилармон доиралар учрашувида умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган шартномалар ва инвестиция келишувлари имзоланди.
Ташрифнинг биринчи куни бўлиб ўтган “Дўстлик оқшоми” концертида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари учун Тожикистон Республикасининг биринчи даражали «Зарринтож» ордени билан мукофотланди.
Эртаси куни Сўғд вилоятида жамоатчилик фаоллари, зиёлилар билан учрашув бўлди. У жудаям кўтаринки руҳда, очиқ мулоқот шаклида ўтди. Йиғилганлар давлатимиз раҳбарининг ҳар бир гапини олқишлаб қарши олди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари Хўжанд шаҳри ва Бобожон Ғафуров туманидаги тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги объектларига борди.
Умуман айтганда, Президентимизнинг Тожикистонга расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаб, янги босқичга кўтарди.
ЎзА