4 минг 769 нафар хотин-қиз имтиёзли уй билан таъминланди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Сенатнинг ўн олтинчи ялпи мажлисида маҳаллалардаги ҳолат, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Мажлисда Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси раиси Қ.Рафиқовнинг ахбороти эшитилди. Жорий йилнинг январь-май ойларида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлардан 430 минг 275 нафарига (99,4 фоиз) амалий ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 251 минг 363 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашилди. Тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 66 минг 660 нафар хотин-қизнинг тадбиркорлик кўникмалари оширилди ва уларга 830 миллиард 37 миллион сўмлик кредит ажратилди. Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган хотин-қизлардан 4 минг 65 нафарига 8 миллиард 635 миллион сўмлик ижара компенсацияси тўлаб берилди, 4 минг 769 нафари имтиёзли арзон уй-жойлар билан таъминланди.  

 “Аёллар дафтари” жамғармаси, “Саховат ва кўмак” жамғармаси, шунингдек, ҳомийлик ва бошқа манбалар ҳисобидан 36 минг 697 нафар боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизга 27 миллиард 572 миллион сўм, 29 минг 40 нафар ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизга 21 миллиард 58 миллион сўм, 8 минг 103 нафар қарамоғида ногиронлиги бўлган боласи мавжуд ёлғиз аёлга 6 миллиард 959 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. 300 минг 893 нафар хотин-қизда онкологик касалликларни камайтириш мақсадида одам папилломаси вирусига қарши эмлаш ишлари олиб борилди. 4 миллион 13 минг нафар туғиш ёшидаги аёл чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Қолаверса, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар учун “Аёли эъзозланган юрт” шиори остида мамлакатимиз бўйлаб саёҳатлар ташкил этиш йўлга қўйилди.  

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга кўрсатилган тегишли амалий ёрдам ва уларнинг муаммоларини ҳал қилиш натижасида бугунги кунга қадар 357 минг 998 нафар хотин-қиз халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг сессиялари қарорлари асосида “Аёллар дафтари” рўйхатидан чиқарилди.  

Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бирга, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш бўйича йўл қўйилган айрим камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.  

Қайд этилганидек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига барча ҳудудларда ҳам бирдек масъулият билан ёндашилмаяпти. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишда сусткашликка йўл қўйиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Бу борада вазирлик ва идораларнинг вертикал тизими самарали ишлаши, ўзаро мутасадди идора-ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Бундан ташқари, маҳаллий Кенгашларда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” билан ишлаш борасида камчиликларга йўл қўйилганлиги қайд этилди. Қолаверса, яратилган имконият ва имтиёзлардан аҳоли, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами, шу жумладан, хотин-қизлар хабардорлиги етарли даражада эмаслиги, ушбу йўналишдаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги белгиланди.  

Сенаторлар томонидан жамиятда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, оила муносабатларини янада яхшилашга қаратилган тадбирларни янада кучайтириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan