Институт ҳақида – Қонунчилик муаммолари институти

2000 йил 3 ноябрь
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Кенгашининг
ва Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
2020 йил 25 сентябрдаги
480-IV/ҚҚ-131-IV-сонли
Қўшма қарорига
1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тўғрисида
НИЗОМ

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти (бундан буён матнда Институт деб юритилади) давлат илмий-тадқиқот эксперт муассасаси бўлиб, у ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ҳисобдордир.
  2. Институт ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.
  3. Институт юридик шахс бўлиб, ўз мол-мулкига, мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилигида ғазначилик ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи кўрсатилган бланкаларга, штампга ҳамда ўз фаолияти учун зарур бўлган бошқа хизмат белгиларига ҳамда реквизитларга эга бўлади.

Институт ўз номидан шартномалар тузиши, мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши, мажбуриятларга эга бўлиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

  1. Институтнинг расмий номи:

а)      давлат тилидаги:

тўлиқ номи – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти; қисқартирилган номи -Қонунчилик муаммолари институти;

б)      рус тилидаги:

тўлиқ номи – Институт проблем законодательства и парламентских исследований при Олий Мажлисе Республики Узбекистан; қисқартирилган номи -Институт проблем законодательства;

в)      инглиз тилидаги:

тўлиқ номи – Legislation and Parliamentary Research Institute under the Oliy Majlis of the Republic of Uzbekistan; қисқартирилган номи – Legislation Research Institute.

  1. Институтнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

қонунчилик муаммоларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш, қонун ижодкорлигининг илмий асосларини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш ва қабул қилинган қонунларнинг амалдаги таъсирини ўрганиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, депутатлар ва сенаторлар фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш, уларнинг профессионаллик даражасини оширишга кўмаклашиш;

ҳуқуқ, сиёсат, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда илмий тадқиқотлар ўтказиш, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни ривожлантиришнинг илмий концепцияларини ишлаб чиқиш;

парламентаризм, халқаро парламентлараро ташкилотлар ва хорижий парламентлар иши тажрибасини ўрганиш натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси         палаталарининг  фаолиятини

такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

миллий қонунчиликнинг халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқлигини ўрганиш, уларни имплементация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажарилишини ўрганиб бориш.

  1. Институт ўз зиммасига юклатилган вазифаларни қуйидаги функцияларни амалга ошириш йўли билан бажаради:

қонун ҳужжатларини, уларнинг амалда рўёбга чиқарилишини таҳлил қилади, номувофиқликлар, қарама-қаршиликлар, ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлайди;

қонун лойиҳалари ва амалдаги қонунлар бўйича жамоатчилик орасида сўровлар ўтказади, фуқароларнинг, жамоатчиликнинг фикр ва таклифларини ўрганиш натижалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ахборот киритиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаси юзасидан илмий хулоса беради, биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳалари бўйича муҳокамаларни, уларнинг тартибга солиш таъсири ва қабул қилинган қонунларнинг амалдаги таъсирини баҳолашни, шу жумладан, халқаро ташкилотлар, хорижий мутахассис ва олимларни жалб этган ҳолда амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталари, комиссияларининг, депутатлар ва сенаторларнинг қонун лойиҳалари ва қонунлар юзасидан буюртмалари бўйича қонунчиликнинг, ҳуқуқни қўллашнинг долзарб масалалари ва хорижий тажриба бўйича илмий, ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлайди, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда уларга кўмаклашади;

депутатлар ва сенаторларнинг профессионаллик даражасини оширишга қаратилган семинарлар ва “давра суҳбатлари”ни, шунингдек қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларига бағишланган халқаро конференциялар ва бошқа тадбирларни ташкил этади, шундай тадбирларда, шу жумладан, хорижий мамлакатларда ташкил этиладиган тадбирларда иштирок этади;

қонунларнинг тўғридан-тўғри ишлашини таъминлаш, қонунчиликни тизимлаштириш ва кодификациялаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ҳуқуқ, сиёсат, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда фундаментал, амалий ва инновацион, шу жумладан, қонунчиликни, унинг тармоқлари ва институтларини ривожлантириш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказади, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни ривожлантиришнинг илмий концепцияларини ишлаб чиқади;

илмий-амалий тадқиқот материаллари, миллий ва хорижий қонунчиликнинг қиёсий таҳлили асосида қонун ҳужжатларининг шарҳларини, шунингдек мавзули шарҳларни тайёрлайди ва нашр этади;

Институт ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар, шу жумладан, мамлакатдаги илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси      Олий Мажлиси    палаталари фаолиятининг

жорий ва истиқболга мўлжалланган режаларини тайёрлашда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси      Олий Мажлиси    палаталари фаолиятининг

самарадорлигини оширишга қаратилган илғор илмий-техникавий воситалар ва ахборот-коммуникация технологияларини, ишларни ташкил этишнинг замонавий шакллари ва усулларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига хорижий мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни ривожлантиришда парламентнинг ролини янада кучайтириш мақсадида парламент дипломатияси концепциясини ишлаб чиқиш учун зарур бўладиган ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлайди;

Парламентлараро Иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент ассамблеяси, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси билан ўзаро ҳамкорликнинг аниқ ва узоқ муддатли “йўл харита”ларини ишлаб чиқишда кўмаклашади;

хорижий давлатларнинг парламентлари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий равишда тадқиқотлар олиб боради;

қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш муаммоларини ва хорижий тажрибани ўрганиш натижалари бўйича тайёрланган илмий, ахборот-таҳлилий материалларни, таклифларни ҳамда қонун ҳужжатлари лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг, уларнинг қўмита ва комиссиялари кўриб чиқиши учун киритади;

БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича тасдиқланган индикаторларга эришиш устидан Олий Мажлис Сенати томонидан олиб бориладиган мониторинг жараёнларида иштирок этади, мониторинг натижалари бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар бўйича самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичларига (КР1) эришиш юзасидан ахборот-таҳлилий жиҳатдан кўмаклашади;

халқаро ташкилотлар, хорижий илмий-тадқиқот ва ўқув марказлари, олимлар ҳамда мутахассислар билан илмий ва амалий алоқаларни ўрнатади ҳамда ривожлантиради, улар билан ҳамкорлик тўғрисида шартномалар тузади;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига келиб тушган қонун лойиҳаларининг халқаро шартномаларга, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсияларга мослигини ўрганиб чиқишда иштирок этади.

  1. Институт ўз зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ҳокимияти органларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, таълим ва илмий муассасалардан, бошқа ташкилотлардан институтнинг ваколатларига киритилган масалаларни тайёрлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар, материаллар ва маълумотларни сўраш ҳамда олиш;

таълим ва илмий муассасаларнинг, марказларнинг, ҳуқуқни қўлловчи органларнинг электрон маълумотлар базаларидан, ахборот-кутубхона ресурсларидан белгиланган тартибда фойдаланиш;

бевосита давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик бошқаруви органларидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш;

илмий, ахборот-таҳлилий материалларни, қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш, тадбирлар ўтказиш ҳамда Институтнинг ваколатига кирувчи бошқа вазифаларни амалга ошириш учун олимлар, мутахассислар орасидан ишчи гуруҳлар ташкил этиш, шу жумладан, шартнома асосида ташкил этиш;

илмий тадқиқотларга вазирликларнинг, давлат қўмиталарининг, идораларнинг мутахассисларини, илмий-тадқиқот марказларининг ходимларини, олимларни ва олий таълим муассасаларининг ўқитувчиларини, шу жумладан, хорижлик мутахассисларни жалб этиш;

фуқароларнинг қонун лойиҳалари ва амалдаги қонун ҳужжатлари бўйича билдирилган таклифлари, фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, йиғиш, муайян соҳадаги қонунчиликни ўрганишда жамоатчилик орасида сўровлар ўтказиш, конунчиликни такомиллаштиришда таклифлар тайёрлашда улардан фойдаланиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг, улар кенгашларининг, қўмиталари ва комиссияларининг мажлисларида иштирок этиш;

қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти муаммоларини ўрганиш масалалари бўйича бошқа ташкилотлар, шу жумладан, илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро тажриба ва ахборот алмашиш;

тегишли халқаро ва хорижий ташкилотлар билан белгиланган тартибда ўзаро тажриба ва ахборот алмашишни амалга ошириш;

шартнома асосида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, даромад тарзида олинган маблағларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Институт ходимларини моддий рағбатлантиришга, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, ижтимоий масалаларни ҳал этишга йўналтириш;

Институт томонидан грантлар сифатида олинадиган бюджетдан ташқари маблағлардан, шу жумладан, валюта маблағларидан ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан қонунда белгиланган тартибда фойдаланиш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, даврий илмий-амалий нашрларни, шу жумладан, “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси” даврий нашрини чиқариш;

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда Парламентаризмни ривожлантириш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўқув маркази ташкил этиш.

Институт қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Институтга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Сенатининг Кенгаши томонидан лавозимга тасдиқланадиган ҳамда лавозимидан озод қилинадиган директор бошчилик қилади.

Директор республика ва маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, хўжалик бошқаруви органларида, шунингдек бошқа миллий, хорижий ҳамда халқаро ташкилотларда Институт номидан иш кўради.

  1. Институт директори:

Институт ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар қабул қилади;

тасдиқланган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида белгиланган тузилмага ва ходимлар сонига мувофиқ Институтнинг штатлар жадвалини тасдиқлайди;

Институтнинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомни тасдиқлайди;

Институт ходимлари ўртасида мансаб вазифаларини тақсимлайди;

Институтнинг иш режаларини, ҳисоботларини ва услубий ишланмаларини тасдиқлайди;

Институтнинг ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;

Институтнинг харажатлар сметасини тасдиқлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ходимларни рағбатлантириш ва мукофотлаш шаклларини белгилайди, уларнинг лавозим маошларига устамалар ва қўшимчалар белгилайди, ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича қарорлар қабул қилади;

Институтнинг активларини тасарруф этади, мол-мулкни бошқариш бўйича қарорлар қабул қилади, молиявий, тўлов-ҳисоб-китоб ҳужжатларини ҳамда бошқа ҳужжатларни имзолайди;

Институт номидан шартномалар ва битимлар тузади;

ўз ваколатлари доирасида бошқа масалаларни ҳал этади.

Институт директори белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан тежаб қолинган маблағларни, шунингдек тасдиқланган штатлар жадвалида назарда тутилган бирликлар тўлдирилмаганда бўшаб қолган маблағларни Институт ходимларини моддий рағбатлантириш учун ишлатишга ҳақли.

  1. Институт директорининг ўринбосари Институт директорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Сенатининг Кенгаши томонидан лавозимга тасдиқланади ҳамда лавозимидан озод этилади.

Институт директорининг ўринбосари Институтнинг ўзига топширилган бўлинмалари ишини самарали ташкил этиш учун масъул бўлади, директорнинг топшириғига кўра унинг айрим вазифаларини бажаради ҳамда директор йўқлигида ёки у ўз вазифаларини амалга ошириши мумкин бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бажариб туради.

  1. Институт ходимларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари девонларининг ходимлари учун белгиланган тиббий таъминот, моддий рағбатлантириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларидан кам бўлмаган шартлар татбиқ этилади.

Бунда Институт ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 25 фоизи миқдорида белгиланади.

Фан номзоди ёки фалсафа доктори (Р11О) илмий даражасига (ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига) эга ходимларга лавозим маошининг 30 фоизигача, фан доктори ёки фан доктори (БосГог оГ Воепсе) илмий даражасига (ёхуд хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига) эга ходимларга лавозим маошининг 60 фоизигача миқдорида ҳар ойлик устама тўланади.

Институт ходимларига мансаб даражалари учун қўшимча устамалар Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги органлари ва муассасалари ходимлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, узоқ йиллик хизмати учун қўшимча ҳақлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан белгиланган тартибда тўланади.

  1. Институт ходимларига илгари ишлаган жойида берилган, шу жумладан кўп йиллик меҳнати, ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба ва малака даражалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун устамалар ва қўшимча ҳақлар сақланиб қолади, ҳарбий ва махсус унвонларга эга бўлмаган олий юридик маълумотли ходимлар учун эса ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги органлари ва муассасалари ходимлари учун белгиланган мартаба даражалари берилиши мумкин.
  2. Институтда меҳнат фаолияти билан боғлиқ, шу жумладан, раҳбарлик лавозимларда ишлаган давр ходимларнинг умумий, мутахассислиги бўйича, илмий-педагогик стажига қўшилади.

Институт ходими сифатидаги иш стажи бошқа давлат органларига, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмаларга ишга ўтиш чоғида навбатдаги ҳарбий ва махсус унвонлар олиш, шунингдек ҳарбий ва махсус унвонлар учун устамалар ҳамда узоқ муддатли хизмат учун қўшимча ҳақлар ҳисоблаш учун иш стажига қўшиб ҳисобланади.

  1. Институтда ишлаш вақтида ҳарбий ва махсус унвонлар бериш тегишли ҳарбий ва махсус унвонлар бериш учун зарур бўлган муддатлар ўтгач, илгариги иш жойида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
  2. Институт ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, мансаб йўриқномаларига, Институтда амал қиладиган низомларга, йўриқномаларга, ички меҳнат тартиби қоидаларига, жамоавий ва меҳнат шартномаларига мувофиқ белгиланади.

Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан жорий таъминот учун ажратиладиган маблағлардан, давлат илмий-техникавий дастурлари ва лойиҳалари доирасида ажратиладиган грантлардан, шартнома асосида ўтказилган тадқиқотлардан олинадиган тушумлардан, шунингдек халқаро молиявий ва бошқа ташкилотларнинг, чет эл ҳукумат ташкилотларининг грантларидан, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан иборатдир.

  1. Институт ҳузурида Илмий-эксперт кенгаши – маслаҳат органи тузилади, унинг таркибига етук олимлар, амалиётчилар, тадбиркорлик субъектларининг, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари киради.
  2. Институтни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 

Share on facebook
Facebook
Share on telegram
Telegram
Share on twitter
Twitter
Share on google
Google+
Share on email
Email
Share on tumblr
Tumblr
Share on pinterest
Pinterest
Share on linkedin
LinkedIn