Ҳисобот даврида Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқилган 40 дан ортиқ қонун лойиҳалари илмий-ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.
Институт томонидан “Mening fikrim” веб-портали модератори сифатида портал фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг 2019 йил 2 февралдаги Қўшма қарори билан “Mening fikrim” веб-порталида мурожаатларни кўриб чиқишга ваколатли давлат органлари қаторига Вазирлар Маҳкамаси киритилди.
Мазкур даврда веб-порталга 800 дан ортиқ жамоавий мурожаат келиб тушди ва турли соҳаларга оид 100 га яқин жамоавий мурожаат веб-порталга жойлаштирилди, 4 та жамоавий мурожаат етарли овоз тўплади ва 2 та мурожаат бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Институт томонидан халқаро алоқаларни кенгайтириш мақсадида 20 дан ортиқ халқаро учрашувлар, давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказилди. Жумладан, Институт томонидан 26 апрель куни Корея Республикаси Қонунчилик вазирлиги билан ҳамкорликда “Қонун ижодкорлигида замонавий ёндашувлар: Ўзбекистон ва Корея тажрибаси” мавзусида ҳамда 15-16 май кунлари Германиянинг Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик фонди (IRZ) билан бирга “Қонун ҳужжатларининг тартибга солиш самарадорлигини баҳолаш: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзусида халқаро семинарлар ўтказилди.
Шунингдек, Институт Халқаро кутубхоналар ассоциациялари федерациясига (IFLA — “International Federation of Library Associations”) аъзо бўлди. Жорий йилнинг 26 апрель куни Институт ва Корея Республикаси Қонунчилик вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.