Ўзбекистон Республикасининг «Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонуни бўйича таҳлилий маълумотнома
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги ва экология қўмитасининг мурожаатига асосан, Ўзбекистон Республикасининг «Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонуни ўрганиб чиқилди.
Мазкур қонун 2009 йил 30 сентябрда қабул қилинган ва 35 та моддадан иборат.
Ўрганишлар натижасида ушбу Қонун нормаларини такомиллашти-риш зарурати мавжудлиги аниқланди.
- Қонунда “электр энергиясини ҳосил қилиш ва унинг истеъмоли баланси”, “тизим оператори”, “электр қурилмаси” тушунчалари бир неча ўринларда ишлатилган бўлса-да, Қонуннинг 3-моддасида мазкур тушунчаларнинг таърифи берилмаган.
- Қонуннинг 5-моддасида электр энергетикаси соҳасидаги махсус ваколатли орган ва электр энергетикаси соҳасидаги давлат назорати органи қонун ҳужжатларида белгиланиши назарда тутилган. Қонун нормасининг аниқлигини таъминлаш мақсадида айнан қайси органлар махсус ваколатли орган ва давлат назорати органи эканлигини кўрсатиш мақсадга мувофиқ.
- Қонуннинг 6, 7, 8, ва 13-моддаларида ушбу моддаларда назарда тутилган давлат бошқаруви органларининг “қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин”лиги ҳақидаги ноаниқ ва мавҳум нормалар белгиланган. Бундай нормалар ҳуқуқни қўллаш амалиётида давлат бошқаруви органларининг ваколатини кенг талқин қилиш имконини яратиши мумкин.
- Мазкур Қонунда тартибга солиниши лозим бўлган асосий масалалардан бири – бу аҳолини марказлаштирилган тартибда электр энергияси билан таъминлаш масаласи ҳисобланади. Бироқ фуқароларнинг ҳаётий эҳтиёжлари ва қонуний манфаатларига жавоб берадиган мазкур масала Қонунда ўз аксини топмаган. Шу сабабли ушбу Қонунда аҳолига марказлаштирилган тартибда электр энергиясини етказиб бериш тартиби ва кафолатларини, электр энергиясини етказиб беришда узилишга йўл қўйилганида фуқароларга етказилган зарарни ҳамда зиённи қоплаш механизмини акс эттирувчи моддаларни киритиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
- Қонун матнида бир қатор амалга оширилиши ноаниқ бўлган нормалар мавжуд. Жумладан, Қонуннинг 11-моддасида электр энергиясини ҳосил қилувчи корхоналарнинг ягона электр энергетикаси тизимига уланиши белгиланган тартибда амалга оширилади деб кўрсатиб ўтилган. Мазкур норманинг ҳуқуқни қўллаш амалиётида тўғридан-тўғри ишлашини таъминлаш мақсадида ягона электр энергетикаси тизимига уланиш тартибини қонунда батафсил акс эттириш мақсадга мувофиқ.
- Қонуннинг 30-моддасида “электр энергиясини ҳосил қилиш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилишда унинг тарифлари белгиланган тартибда тасдиқланади” деб кўрсатиб ўтилган. Қонуннинг келгусида амалиётда қўлланишини осонлаштириш ва энергия истеъмолчиларининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида электр энергиясининг тарифлари қандай шакллантирилиши, қайси орган томонидан белгиланишини аниқ белгилаш лозим.
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 февралдаги 108-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тўғрисидаги низомга кўра, Энергетика вазирлиги қонунчиликда белгиланган тартибда энергетика соҳасида айрим фаолият турларини амалга оширишга лицензиялар беради. Аммо амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхатида энергетика соҳасидаги фаолият турлари кўрсатилмаган. Шу сабабли энергетика соҳасидаги қайси фаолият турларини амалга оширишга лицензиялар берилиши ва мазкур фаолият турларини лицензиялаш тартибининг ўзига хос хусусиятларини мазкур Қонунда кўрсатиш Қонуннинг амалиётда тўғридан-тўғри ишлашини таъминлайди.
- Қонуннинг 25-моддасига кўра электр таъминоти корхоналари электр тармоғи хўжалиги объектларидаги режали таъмирлаш ишлари ва авария режими муносабати билан электр энергияси етказиб беришнинг чекланиши тўғрисида истеъмолчиларни белгиланган тартибда хабардор қилиши шарт. Электр энергияси истеъмолчиларининг қонуний манфаатларини таъминлашнинг таъсирчан кафолатлари сифатида электр энергияси етказиб беришнинг чекланиши тўғрисида истеъмолчиларни хабардор қилишнинг аниқ тартиби ва муддатларини қонунда белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ.
- Қонунда тезкор-диспетчерлик бошқаруви тизимига кирувчи тизим операторининг ва тезкор-диспетчерлик хизматларининг мажбуриятлари ва жавобгарлиги масаласи тартибга солинмаган.
- Қонунда электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори, электр энергияси бозори иштирокчиларига давлат томонидан тенг имкониятлар тақдим этилиши ҳақида нормалар мавжуд эмас.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги
ПФ-5761-сон Фармонига асосан истеъмолчиларни электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими билан қамраб олиш режалаштирилганлигини инобатга олиб, Қонунда мазкур тизимнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб қўйиш зарур. - Қонуннинг 28-моддасида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ёки унинг электр таъминоти корхонаси ушбу модданинг 1-қисмида назарда тутилган ҳолларда истеъмолчига электр энергияси етказиб беришни белгиланган тартибда тўхтатиши мумкинлиги назарда тутилган. Шунингдек, ушбу ҳолатлар бартараф этилган тақдирда, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ёки унинг электр таъминоти корхонаси истеъмолчига электр энергияси етказиб беришни қайта тиклайди. Аммо мазкур моддада ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ёки унинг электр таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчига электр энергияси етказиб беришни тўхтатилишининг аниқ тартиби ва тегишли ҳолатлар бартараф этилгандан сўнг қанча муддат ичида электр энергияси етказиб беришни қайта тикланиши кераклиги ҳақида қоидалар мавжуд эмас.
- Қонуннинг 29-моддасида Электр энергиясини ҳисобга олиш электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ истеъмолчилар томонидан амалга оширилиши белгиланган. Аммо Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори билан ўрнатилган тартибга кўра, маиший истеъмолчиларга электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш замонавий ускуналарини харид қилиш, ўрнатиш, рўйхатдан ўтказиш, даврий давлат қиёслови ва пломбалаш тегишли равишда ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва газ таъминоти ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Мазкур амалиётни инобатга олиб Қонуннинг 29-моддасига тегишли ўзгартириш киритиш зарур.
Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Республикасининг “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуни нормаларини мазкур соҳадаги халқаро стандартлар ва хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибасини инобатга олган ҳолда тубдан қайта кўриб чиқишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Мазкур таҳлилий маълумотнома 2020 йил 21 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасига 09-06-318-сон хат билан юборилган.
Ижрочи: А.И.Юсупов, Қонунчилик назарияси ва қиёсий ҳуқуқшунослик бўлими етакчи илмий ходими