Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуни юзасидан ахборот-таҳлилий маълумот
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан Ўзбекистон Республикаси “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунининг ҳаволаки нормалари ва қонуности хужжатларининг мазкур қонунга мувофиқлиги масалалари ўрганилиб, қуйидагилар маълум қилинади:
- Бугунги кунда васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунидан ташқари 26 та амалдаги қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар: 10 та Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, 1 та Молия вазирлиги, 1 та Халқ таълими вазирлиги буйруқлари, 1 та Наъмунавий битим, шунингдек 13 та Низомлар билан тартибга солиниб келинмоқда.
- Қонунда 30дан ортиқ ҳаволаки нормалар қўлланилган бўлиб, уларнинг аксарияти васийлик ва ҳомийлик соҳасида давлат органларининг ваколатлари билан боғлиқ. Шунингдек, қонунда ижтимоий муҳим масалалар тизимлаштирилмаганлиги соҳага оид муносабатлар катта хажмдаги қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинишига олиб келган.
- Хусусан, Қонуннинг 8, 9, 10, 12 ва 13-моддаларида ушбу моддаларда назарда тутилган давлат бошқаруви органларининг “қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин”лиги ҳақидаги ноаниқ ва мавҳум нормалар белгиланган. Бундай нормалар ҳуқуқни қўллаш амалиётида давлат бошқаруви органларининг ваколатини кенг талқин қилиш имконини яратиб, коррупцион нормалар вужудга келишига замин яратиб бериши мумкин.
- Шунингдек, қонун матнида бажарилиш тартиби ноаниқ бўлган қатор ҳаволаки нормалар мавжуд. Бу ҳолат “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси”да илгари сурилган қонунларни тўғридан тўғри амал қилиш механизмлари талабларига зид ҳисобланади. Қонуннинг 9, 12, 13, 16, 30, 40, 44, 47, 48-моддаларида қўлланилган “қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади” деган жумла мазкур нормаларни ҳуқуқни қўллаш амалиётида тўғридан-тўғри ишлашига тўсқинлик қилади. Жумладан, қонуннинг 40-моддасида “Васийнинг ёки ҳомийнинг ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг таъминотига доир харажатларининг ўрни васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс маблағлари ҳисобидан қопланади, бу маблағлар етарли бўлмаган тақдирда эса, васийлик ва ҳомийлик органлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда унинг таъминоти учун нафақа тайинлаш мақсадида тегишли органларга мурожаат қилади” деб кўрсатиб ўтилган. Моддада қўлланилган “қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда”, “тегишли органлар” жумлаларига аниқлик киритилиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
- Бундан ташқари, Қонуннинг 44, 47, 48-моддаларида белгиланган нормаларни ҳаракатсиз нормалар сифатида баҳолашимиз мумкин. Мазкур моддаларда васийлик ва ҳомийлик органларининг ғайриқонуний қарорлари ёхуд улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга етказилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши, ушбу соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилиши, васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгиланган бўлиб, мазкур моддалар ҳуқуқни қўллаш амалиётида ноқулайликларни келтириб чиқаради деб ҳисоблаймиз.
- Ўзбекистон Республикаси “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ васийлик ва ҳомийлик бўйича фаолият туман, шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари томонидан — вояга етмаганларга нисбатан, туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари томонидан — суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларга, шунингдек соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийликка муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқатли фуқароларга нисбатан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга оширишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига илова сифатида тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Низомга мувофиқ эса, васийлик ва ҳомийлик фаолияти вояга етмаганларга нисбатан — туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган фуқароларга нисбатан — туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари, соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомий тайинлашга муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқатли фуқароларга нисбатан — туман, шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан амалга оширилиши белгиланган. Мазкур ҳолатда қонун ва қонуности ҳужжатда келтирилган нормаларнинг ўзаро номутаносиблигини кузатишимиз мумкин
- “Васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни, уларнинг жойлаштирилганлиги ҳамда мол-мулкини ҳисобга олиш давлат реестри тўғрисида”ги Низомга мувофиқ васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахслар васийлик ва ҳомийлик органидан фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомий, тутинган ота-она бўлишга номзодлар сифатида рўйхатдан ўтиши белгиланган бўлиб, васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги қонун ҳужжатларида васий, ҳомий, тутинган ота-она тушунчаларининг фарқли томонларига аниқлик киритилмаган.
- Қонуннинг 41-моддасида васийлик ва ҳомийлик органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан назоратни қонун ҳужжатларида ваколат берилган давлат органлари ва мансабдор шахслар амалга ошириши белгиланган. Бироқ мазкур назорат қай тартибда ва қайси давлат органлари томонидан амалга оширилиши кўрсатилмаган. Назоратни амалга оширувчи давлат органлари ва мансабдор шахслар рўйхатининг кўрсатилиши ва уларнинг мазкур назоратни қай тартибда амалга оширилишининг белгиланиши қонун нормасининг аниқлигини таъминлаш жиҳатидан мақсадга мувофиқ.
Юқоридагиларга кўра, мазкур соҳадаги халқаро стандартлар ва хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибасини инобатга олган ҳолда, “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси”да белгилаб берилган механизмларни амалда қўллашни жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуни нормаларини тубдан қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Мазкур таҳлилий маълумотнома 2020 йил 25 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига 05-06-325-сон хат билан юборилган.
Ижрочи: Л.К.Ниёзова, Суд-ҳуқуқ тизими, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тадқиқот бўлими етакчи илмий ходими