Халқаро сайлов стандартлари бўйича махсус ўқув курслари ўз ишини бошлади – Қонунчилик муаммолари институти
Сайловга оид янгиликлари Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 февраль куни сиёсий партиялар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича кенгайтирилган йиғилиш баённомаси билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да БМТ ўқув марказининг сайлов бўйича халқаро стандартлар юзасидан ўқув курсларини ташкил этиш вазифаси белгиланган эди.

Шу мақсадда, жорий йилнинг 6 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Қонунчилик муаммолари институти ва Институт тузилмасидаги БМТ Ўқув маркази томонидан “Халқаро сайлов стандартларини ўқитиш” доирасида халқаро сайлов стандартларининг мазмун-моҳияти, уларни миллий сайлов қонунчилигига имплементация қилиш, сайлов жараёнларини ташкил этиш ва ўтказишга қўйиладиган талаблар каби муҳим масалалар бўйича махсус ўқув курси ташкил этилди.

Ўқув курсида вилоятлар, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасидан жами 975 нафар маҳаллий Кенгаш депутатлари ва сиёсий партияларнинг ходимлари иштирок этди.

Дарс машғулотлари Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети проректори, Қонунчилик муаммолари институти ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши аъзоси Исмаилова Гулноза Сайдиганиходжаевна томонидан олиб борилди.

Дарс машғулотлари давомида тингловчиларга Сайловларга тайёргарлик кўриш, ўтказиш ва сайлов комиссиялари фаолиятига оид халқаро сайлов стандартларнинг мазмуни; Ҳалқаро сайлов ҳуқуқининг манбалари, универсал ва регионал сайлов стандартлари; Сиёсий партиялар, сайловчилар ва кузатувчиларга оид халқаро стандартлар ҳақида зарур маълумотлар берилди.

Дарс машғулотлари давомида тингловчилар халқаро сайлов стандартларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш, кузатувчиларга нисбатан талабларни янада кучайтириш, регионал сайлов стандартларини  бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга тренердан асослантирилган жавобларни олишди.

Дарс машғулотлари якунида тингловчиларга мавзуга тааллуқли ўқув контенти материаллари электрон тарзда мустақил ўрганиш мақсадида тақдим этилди.

Маълумот учун, халқаро сайлов стандартларини ўқитиш бўйича махсус ўқув курслари жорий йилнинг 22 майига қадар давом этиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўқув марказ жорий йилнинг 29 март куни
ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, Ўқув марказида маҳаллий кенгаш депутатлари, Кенгашлар котибиятлари, Ёшлар парламентлари аъзолари ва ижро ҳокимияти вакилларини ўқитиш орқали миллий парламентаризмни янада ривожлантиришдек устувор вазифа белгиланган.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan