Ногиронлар ҳуқуқи таъминланишига оид халқаро жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди — Институт проблем законодательства
Новости

Бугун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Ногиронлар ҳуқуқи дунё мамлакатлари Конституцияларида акс этиши” мавзусида халқаро жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.

Юқори даражадаги анжуман Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли идоралар, академик ҳамжамият, илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари, мамлакатимиздаги фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирокида ўтди.

Тадбирда аҳолининг заиф қатлам вакиллари ҳуқуқини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий ва халқаро тажрибани ўрганиш, ногиронлар ҳуқуқини кафолатловчи тамойилларнинг дунё Конституцияларида акс эттирилиши муҳокама қилинди.

Йиғилишда, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди. Депутатлар ва хорижий экспертлар соҳага оид қатор таклиф ва ташаббусларини билдирди.

– Ушбу сиёсий ислоҳотлар жараёнида БМТнинг мақсади – Ўзбекистон ҳукумати ва конституциявий комиссияга илғор тажрибаларни тақдим этиш, – деди БМТнинг мамлакатимиздаги доимий координатори вазифасини бажарувчи, БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. – Муҳокамалар шаффофлиги ва инклюзив жараёнга эга бўлиш ҳар қачонгидан муҳим. Конституция юзасидан 80 мингдан зиёд фикрлар ва тавсиялар келиб тушгани соҳада туб бурилиш юз бераётганидан далолат.

Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” тамойилини амалга ошириш, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари, шу жумладан, ногиронларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳар қачонгидан муҳим экани қайд этилди.

Мулоқот чоғида ногиронлик туфайли камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик, жисмоний заифликни эрта аниқлаш ва олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларнинг касбий тайёргарлиги ва бандлигини таъминлашни тубдан яхшилаш борасидаги ишлар жадаллашаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Конвенцияни ратификация қилди. Мамлакатимиз Осиё-Тинч океани минтақасида ногиронларнинг асл ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Инчхон стратегиясига қўшилди. Иккита – “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида” ги ҳамда “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Учрашув экспертлар тақдимоти, жумладан, “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини Конституциявий ҳимоя қилиш”, “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини кафолатлайдиган халқаро стандартлар ва тамойиллар”, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисидаги қоидаларни киритиш бўйича таклифлар” ва “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларига оид халқаро стандартлар” мавзусидаги мунозара билан якунланди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *