Жорий йилнинг 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева “БМТ – аёллар” тузилмасининг Қирғизистондаги вакили Улзийсурен Жамсран билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва «БМТ-аёллар» тузилмаси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини чуқурлаштириш, хусусан, ушбу ташкилотнинг мамлакатимиздаги фаолиятини янада фаоллаштириш, келгусида унинг гендер тенгликни таъминлашга қаратилган илғор тажриба марказини Ўзбекистонда ташкил этиш ва бошқа истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Сенат Раиси Т.Нарбаева кейинги йилларда хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш борасида Ўзбекистонда тизимли ишлар амалга оширилаётгани, бунда БМТ тавсиялари инобатга олинаётганини таъкидлаб ўтди. “БМТ-аёллар” ташкилоти билан ҳамкорлик эса Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқоти ташкил этилиши билан тизимли тус олганлигини алоҳида қайд этди. Умуман, БМТ институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган дастур ва лойиҳалар доирасидаги асосий устувор йўналишлар, ўз навбатида, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мақсад ва вазифаларига тўла мос келиши айтиб ўтилди.
Ўз навбатида У.Жамсран Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида гендер тенгликни таъминлашда энг фаол давлатлардан бири сифатида аниқ чора-тадбирларни, жумладан, 2021 йилда тасдиқланган 2030 йилгача бўлган гендер тенгликка эришиш бўйича Стратегияни амалга ошираётганини мамнуният билан таъкидлади. Ҳамкорликнинг янги ноёб йўналишини йўлга қўйиш таклифини илгари суриб, буни Ўзбекистон халқаро майдонда ҳам илғор ташаббусларни илгари сурган холда барчага намуна бўладиган стандартларни жорий қилаётгани билан изоҳлади.
Юқоридаги фикрлар келиб чиқиб, Тошкент шаҳрида илғор тажриба марказини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Бу марказ Ўзбекистон тажрибасини глобал миқёсда илгари суришга хизмат қилиши алоҳида эътироф этилди.
Суҳбат якунида Ўзбекистонда ва «БМТ-аёллар» тузилмаси билан ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олинди.
www.senat.uz