Вояга етмаган болаларни фарзандликка олиш Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 ноябрдаги 739-сон қарори билан тасдиқланган “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида”ги Низом ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади. Мазкур ҳужжатларга асосан, фарзандликка олишга фақат вояга етмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатларини кўзлаган ҳолатда йўл қўйилади. Фарзандликка олиш, болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.
Оила кодексининг 152-моддасига асосан вояга етган эркак ёки аёл фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин. Шунингдек, мазкур моддада фарзандликка олишни истисно этувчи ҳолатлар ҳам мустаҳкамланган бўлиб, уларнинг мезонлари аниқ белгиланмаганлиги натижасида амалиётда фуқаролар фарзандликка олишда қатор қийинчиликларга дуч келишмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 152-моддасига асосан қуйидагилар фарзандликка олиши мумкин бўлмаган шахслар ҳисобланади:
- ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;
- қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;
- асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар;
- Оила кодекси 169-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича фарзандликка олганлиги бекор қилинган собиқ фарзандликка олувчилар;
- қасддан содир этган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2013 йил 11 декабрдаги 21-сонли «Судлар томонидан фарзандликка олиш ҳақидаги ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 13-бандида судлар томонидан қасддан содир этган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар фарзандликка олувчи бўла олмасликлари инобатга олиниши лозимлиги, бунда суд ўз ташаббуси билан фарзандликка олувчи (фарзандликка олувчилар)нинг судланганлик ҳолати ҳақида ваколатли давлат органидан маълумотнома талаб қилиши белгиланган.
Юқорида қайд этилган Пленум қарорида судларнинг ваколатли давлат органидан маълумотнома талаб қилиши назарда тутилган бўлсада, шахснинг судланганлиги олиб ташланганлиги ва Жиноят кодексида белгиланган муддатлар ўтгандан сўнг унинг судланмаган деб ҳисобланишига оид ҳолатлар аниқ белгилаб берилмаган. Шу боис, амалдаги қонунчиликка мувофиқ қасддан содир этган жиноятлари учун ҳукм қилинган шахслар, уларнинг судланганлиги олиб ташланганлигидан қатьи назар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин эмас.
Жанубий Корея, Германия, Қозоғистон, Россия каби мамлакатлар тажрибаси ўрганилганда, фарзандликка олиши мумкин бўлмаган шахслар доирасини белгилашда уларнинг Жиноят кодексида айнан қайси турдаги жиноятлар содир этишда айбдор топилиб ҳукм қилинганлиги аниқ белгиланган. Жумладан, Россия Федерацияси Оила кодексининг
127–моддасига кўра, шахснинг жинсий эркинликка қарши, ҳаёт ва соғлиққа қарши, шахснинг эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматига қарши жиноятлар учун, шунингдек, оила ва вояга етмаганларга, жамоат саломатлиги ва жамоат ахлоқига, жамоатчиликка, тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноят содир этишда айбдор деб топилиб, ҳукм қилинганлар фарзандликка олиши мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Оила кодекси, шунингдек, «Судлар томонидан фарзандликка олиш ҳақидаги ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги Олий суд Пленуми қарорида фарзандликка олиши мумкин бўлмаган шахслар доирасини аниқ белгилаш ва Оила кодекси 152-моддасида назарда тутилган “қасддан содир этган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар” жумласига фарзандликка олувчининг Жиноят кодексининг айнан қайси моддаларида айбдор деб топилиб ҳукм қилинганлиги аниқ белгиланган ҳолда ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқ.
Л.К.Ниёзова, Қонунчилик муаммолари ва
парламент тадқиқотлари институтининг
Суд-ҳуқуқ соҳасида тадқиқотлар бўлими
етакчи илмий ходими