Давлат фуқаролик хизматинининг ҳуқуқий асослари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5843-сонли Фармони асосида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Таъкидлаш жоизки, қонун лойиҳаси билан давлат фуқаролик хизматига кириш, ўташ ва тугатиш жараёнларини тартибга солиш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари, давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий ҳолати (мақоми), давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ ҳуқуқ, мажбурият ва чекловлар, ушбу соҳада коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари (манфаатлар тўқнашуви, даромадлари, мол-мулки ва кўп миқдордаги харажатларни декларация қилиш) каби жиҳатларга ҳам эътибор қаратилган.
Шунингдек, қуйидагиларни ушбу қонун лойиҳасида акс эттириш орқали унинг таъсирчанлиги ва самарадарлигини ошириш мумкин:
1) Қонун лойиҳасининг 11-моддасида давлат фуқаролик хизматчисининг асосий ҳуқуқлари белгиланган бўлиб, давлат фуқаролик хизматидан ўз хоҳишига кўра озод этиш, ушбу ҳуқуқлардан бири сифатида келтирилган. Аммо унга нисбатан хизмат текшируви олиб бориладиган ҳолатлар бундан мустасно эканлиги белгиланган. Ушбу нормани Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси нормалари билан бир хил талқин этилишини таъминлаш мақсадида қонун лойиҳасининг 11-моддаси 1-қисми, 14-хатбошисини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф этилади:
“давлат фуқаролик хизматидан ўз хоҳишига кўра озод этиш”.
2) Қонун лойиҳасининг 27-моддаси учинчи қисмида олий ўқув юртида давлат гранти асосида таълим олган шахс давлат фуқаролик хизматига киришни рад этган тақдирда, у давлат гранти асосида таълим олиши учун сарфланган ҳаражатларни қонун ҳужжатларига мувофиқ, қоплаб бериши лозимлиги ҳақида норма киритилган. Амалдаги қонун ҳужжатларида барча таълим йўналишлари бўйича давлат гранти асосида таҳсил олган олий таълим муассасаси битирувчиларини мажбурий тартибда камида уч йил ишлаб бериш шарти билан таълим муассасаларига, корхона ва ташкилотларга ишга тақсимлаш амалиётини жорий этилган бўлиб ( ПҚ-92-сон 02.06.2005, 6-банди), ҳозирги кунда мазкур амалиёт ўз самарасини бермаяпти. Мазкур қарор банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган низомда (“Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида”ги Низом, рўйхат рақами 1506-сон) эса “давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш” тушунчаси ишлатилган.
Шу сабабли, қонун нормасининг аниқлигини таъминлаш мақсадида Қонун лойиҳасининг 27-моддаси учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилиши таклиф этилади:
“Олий ўқув юртларида давлат гранти асосида мақсадли тайёрланган шахс давлат фуқаролик хизматига киришни рад этган тақдирда, у давлат гранти асосида таълим олиши учун сарфланган харажатларни қонун ҳужжатларига мувофиқ, қоплаб бериши лозим”
3) Қонун лойиҳасининг 29-моддаси давлат фуқаролик хизматчисининг шахсий иши ва шахсий маълумотларининг ҳимоясига бағишланган бўлиб, мазмунан давлат хизматчисининг давлат фуқаролик хизматчисининг шахсий иши қоғоз шаклида (электрон эмас) юритилиши назарда тутилади.
Ҳозирги рақамли иқтисодиётни ривожлантириш даврида, мазкур маълумотларнинг қоғоз шаклида юритилиши замон талабларига жавоб бермайди. Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг 8-моддасида давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли органнинг асосий функцияларидан бири сифатида давлат фуқаролик хизмати соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва уларни изчил такомиллаштириб бориш, давлат фуқаролик хизматчилари шахсий маълумотларининг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда улар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш кўзда тутилган.
Шу боис, давлат фуқаролик хизматчилари тўғрисидаги маълумотларнинг яхлитлиги, долзарблиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мазкур моддани чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали давлат фуқаролик хизматининг ягона ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратиш ва ушбу соҳадаги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, давлат фуқаролик хизматига кириш, ўташ ва тугатиш жараёнларини тартибга солиш, давлат фуқаролик хизматчиларининг касбга лаёқати ва профессионаллигини оширишга барча шарт-шароитлар яратиш ва шу орқали рақобатбардош кадрлар тайёрлашга эришиш кўзда тутилади.
Рустамбек Сайидов,
Иқтисодиёт ва тадбиркорлик соҳасида
тадқиқотлар бўлими бош илмий ходими в.б.