Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини экспертизадан ўтказиш тизимини такомиллаштириш – Қонунчилик муаммолари институти
Ахборот-таҳлилий материаллар

 

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқишда уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги масала ўрганиб чиқилди.

  1. Бугунги кунда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ масалалар турли юридик кучга эга бўлган 10 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Амалдаги тартибга мувофиқ, ҳуқуқий экспертиза давомида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, унга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлиги текширилади.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси ишлаб чиқувчининг ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органнинг юридик хизмати, шунингдек, Адлия вазирлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан ўтказилади. Бунда Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизасини бошқа турдаги экспертизалар ўтказилганидан кейин амалга оширади.

Шунингдек, Олий Мажлис палаталари Кенгашлари 2019 йил
26 мартдаги Қўшма қарори билан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, уларга илова қилинаётган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиёти тасдиқланди. Мазкур услубиётда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг техник жиҳатлари, унда акс этиши зарур бўлган таркибий қисмлар ва ҳужжатга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материаллар мазмунига қўйилган талаблар белгиланди.

  1. Таҳлиллар давомида амалиётда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ қуйидаги муаммолар аниқланди. Хусусан:

1) қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган ҳуқуқ нормалари барқарор эмас. Чунончи, бугунги кунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тез-тез ўзгартиш киритилаётгани нафақат тадбиркор ва инвесторларнинг қонунчиликка ишончсизлиги, балки мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда;

Масалан: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3818-сонли қарорига мувофиқ импорт божхона божлари ва акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари 2019 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилиши белгиланган. Мазкур норма амалда кучга киришига 5 кун қолганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ–4086-сон қарори билан янги таҳрирда қабул қилинган.

Шу билан бирга, ушбу ҳужжатга (ПҚ–3818-сон) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 апрелдаги ПҚ–4265-сон қарори билан импорт божхона божлари ставкалари бўйича яна ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

2) айни пайтда, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тарқоқ ҳолдаги қонун ҳужжатлари билан амалга оширилмоқда. Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни нафақат ҳуқуқий, балки илмий, молиявий-иқтисодий ва бошқа турдаги экспертизалардан ўтказиш бўйича ҳам мукаммал ҳуқуқий мезон ва тартиб шаклланмаган;

3) норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари устидан таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилмаган бўлиб, норма ижодкорлиги жараёнида нодавлат тузилмаларнинг иштирокини таъминлашга етарлича эътибор қаратилмаяпти;

4) Ягона услубиёт Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг Қўшма қарори билан тасдиқланганлиги туфайли норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмайди ва умуммажбурий хусусиятга эга эмас. Шу сабабли, Ягона услубиёт талабларига айрим вазирлик ва идоралар томонидан ҳанузгача риоя этмаслик ҳолатлари кузатилмоқда.

2019 йилнинг дастлабки 9 ойи давомида Адлия вазирлигига келиб тушган 2 110 та лойиҳадан 1 907 таси тегишли равишда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган (2018 йилнинг дастлабки 9 ойида 1 405 та; 7 та ҳужжат вазирлик томонидан қайта ишланган). Улардан 203 таси эса Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига мувофиқ ҳолда тақдим этилмаганлиги сабаб ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан қайтарилган (2018 йилнинг дастлабки 9 ойида 618 та).

III. Хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни турли ихтисослик бўйича экспертизадан ўтказиш амалиёти мавжуд.

Чунончи, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар халқаро-ҳуқуқий (Германия), жамоатчилик (Россия), илмий (Украина, Қозоғистон), лингвистик (Озарбайжон, Қозоғистон), коррупцияга қарши (Россия, Украина, Озарбайжон, Арманистон), криминологик (Беларусь) экспертизалардан ўтказилиши белгиланган.

  1. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий, иқтисодий, жамоатчилик, илмий, коррупцияга қарши, юридик-лингвистик, экологик ва бошқа турдаги экспертизадан ўтказиш борасидаги муносабатларни комплекс тартибга солиш мақсадида қуйидагилар таклиф этилади:

1) «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг экспертизаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш. Қонун лойиҳасида:

– норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий, иқтисодий, жамоатчилик, илмий, коррупцияга қарши, юридик-лингвистик, экологик ва бошқа турдаги экспертизаларини ўтказиш тартиб-таомиллари;

– норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари экспертизасини амалга оширувчи субъектларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

– норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари экспертлик фаолиятини молиялаштириш, ташкилий, илмий-услубий ва ахборот билан таъминлаш назарда тутилади.

2) Ягона услубиёт қоидаларини қонун даражасида белгилаш мақсадида унинг нормаларини «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг экспертизаси тўғрисида»ги қонун лойиҳасида акс эттириш лозим.

Ҳуқуқий нормаларни экспертизадан ўтказишнинг аниқ мезон ва талабларини ягона қонунда акс эттириш орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларининг чуқур ҳамда илмий асослантирилган ҳолда қабул қилинишига эришилади.

Жавоҳир Сафаев,
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти Давлат ва жамият қурилиши соҳасида
тадқиқотлар бўлими етакчи илмий ходими

Х.С.Хайитов,
Ўзбекистон Республикаси
Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси
кафедра мудири, юридик фанлар доктори, доцент

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan